Жамшид ҚЎЧҚОРОВ: Карантин билан боғлиқ чекловлар май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли мавжуд

15/04/2020 - 17:33 47

 

Жамшид ҚЎЧҚОРОВ: Карантин билан боғлиқ чекловлар май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли мавжуд


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдан ташқари йиғилиши якунлари ва унда қабул қилинган қарор юзасидан онлайн брифинг бўлиб ўтди.

Унда Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров пандемия туфайли юзага келган вазият юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирди:

“Бугунги кунда бу пандемия дунё бўйича кенг тарқалмоқда, одамлар азият чекмоқда. Жаҳон иқтисодиётида юзага келган вазият анча мураккаб. Куни кеча Халқаро валюта жамғармаси ўз прогнозларини эълон қилди. Унга кўра, жаҳон иқтисодиёти ўсиши йил якунлари бўйича 3 фоизга қисқаради. Агар карантин чекловлари иккинчи ярим йилликда ҳам давом этадиган бўлса, бу рақам янада йириклаши мумкин.

Энди Ўзбекистон ҳақида айтадиган бўлсак, ўтган ҳафта Жаҳон банки бу борада ҳам ўз прогнозларини эълон қилди. Юртимиз иқтисодиёти режадаги 5,5 фоиз ўрнига 1,6-1,8 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда.

Пандемия оқибатлари бутун дунёни қамраб олди. У олдин бўлган инқирозлардан, мисол учун 2008 йилги ёки 2017 йилдагидан кескин фарқ қилади.

Бу талаб инқирози эмас, балки таклиф инқирози ҳам. Шунингдек, у қайсидир бир банк ёки бирор бир давлатнинг айби билан вужудга келгани йўқ. Табиий форс-мажор бўлмоқда.

Бу инқироз Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Чунки, биз кейинги уч йилда жаҳон иқтисодиётига ўз интеграциямизни кучайтирдик ва уларнинг ажралмас қисмига айландик. Бу даврда экспорт ва импортимиз кўпайди. Бу бозор иқтисодиёти учун табиий ҳол, албатта.

Иккинчи чорак бўйича тезкор маълумотларга кўра, ялпи ички маҳсулот 4,1-4,4 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда. Биринчи чоракда 5,3 фоиз ўсишга эришган эдик. Энди саноатда ўсиш 4 фоизни ташкил этган бўлса-да, экспорт қарийб 11 фоизга қисқариб, импорт эса 10 фоизга камайди.

Олдимизда турган муаммолардан бири – иккинчи чорак биз учун ўта мураккаб бўлиши кутилмоқда. Юртимизда ялпи ички маҳсулотнинг 32-33 фоизи хизмат сервиси билан боғлиқ. Карантинда эса сервис соҳаси чекланди.

Карантин билан боғлиқ чекловлар апрель ойига тўғри келди ва май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли мавжуд”.
 
 
Сайёра ШОЕВА, ЎзА